Кобул шаҳрида илк бор савдо ва логистика қўшма корхонаси очиди.

Жорий йилнинг 15 сентябрь куни элчихона кўмагида Кобул шаҳрида Афғонистоннинг “Khan Daqiq Trading” компанияси билан биргаликда “Sogdiana Trans” МЧЖ қўшма корхонаси ташкил этилди.
Маълумот учун: “Sogdiana Trans” МЧЖ “Ўзбекистон Темир йўллари” АЖ томонидан ташкил этилган бўлиб, Ҳайратон-Мозори Шариф-Ноибобод темир йўли линиясида юк ташиш, бошқариш ва техник хизмат кўрсатишга ихтисослашган.
Қўшма корхонанинг очилиш маросимида “Khan Daqiq Trading” компанияси раҳбари Ҳамид Хон йилига 150 минг тонна маҳсулотларни Кобул–Мазори-Шариф–Кобул йўналишида юк машиналарда, Мазори-Шарифдан Ўзбекистон, Қозоғистон, Беларусь, Россия, Болтиқ бўйи мамлакатларига темир йўл орқали етказиш ва у ердан импорт маҳсулотларини олиб келиш имкониятига эга эканлигини маълум қилди.
Тадбирда “Sogdiana Trans” МЧЖ логистика ва маркетинг бўлими бошлиғи – қўшма корхона раҳбари Азиз Абдуллаев 2025 йил “Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили”да тадбиркорларга яратилган имкониятлар учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ва “Ўзбекистон Темир йўллари” АЖ раҳбариятига миннатдорчилик билдирди.
Қўшма корхонанинг Кобул шаҳрида илк бор ташкил этилишидан мақсад Афғонистоннинг барча вилоятларига ҳам маҳсулотларнинг етказишга қулай эканлиги билан боғлиқлиги айтилди.
Ўзбекистон Республикасининг Афғонистондаги элчиси О.Усманов ташкил этилган қўшма корхонанинг Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида транспорт, логистика, савдо, саноат ва бошқа йўналишлардаги ҳамкорликни кенгайтириш учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.
Элчихона томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг савдо, транспорт, логистика, инвестициявий боғликлик стратегияси мазмун моҳияти ҳамда шу асосда ишлаб чиқилган “йўл хариталар” бажарилиши тўғрисида қисқа маълумот берилди.
Шу билан бирга, давлат идоралари ва хусусий тадбиркорлар саъй-ҳаракатлари туфайли охирги уч йилда савдо айланмаси 45 фоизга кўпайиб, 2024 йилда $1,1 млрд. ошганлиги таъкидланди.
О.Усманов қўшма корхонанинг очилиши икки мамлакат тадбиркорларнинг экспорт/импорт фаолияти учун қўлайликлар яратилиши, транспорт тўловларни камайтириш, савдо айланмасини кўпайтиришга хизмат қила олади деб умид билдирди.
