Ўзбекистон-Туркманистон-Озарбайжон саммити – биргаликдаги янги имкониятлар сари навбатдаги қадам
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 22 август куни Туркманбоши шаҳрида бўлиб ўтадиган “Ўзбекистон-Туркманистон-Озарбайжон” форматидаги уч томонлама саммитда иштирок этади.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистоннинг Туркманистон билан ҳам, Озарбайжон билан ҳам икки ва кўп томонлама муносабатлари юксак даражага кўтарилган. Бугун жаҳонда кечаётган глобал ўзгаришлар эса уч давлат ўртасидаги алоқаларни барча жабҳаларда янги босқичга олиб чиқишни тақозо қилмоқда. Хусусан, транспорт-коммуникация, энергетика, денгизга чиқиш ва бошқа йўналишларда ўзаро шерикликни жадаллаштириш учун юқори салоҳият мавжуд.
Туркманбошида ўтадиган уч томонлама саммит ана шу салоҳиятдан унумли фойдаланиш учун зарур шарт-шароитларни яратиши кутилмоқда.
Қайд этиш жоиз, шу йил 5-8 август кунлари Туркманистоннинг “Аваза” миллий туристик ҳудудида бўлиб ўтган БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференцияси доирасида ҳам Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ва Озарбайжон Бош вазири Али Асадовнинг уч томонлама учрашуви бўлиб ўтган эди. Унда ўзаро манфаатли минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни илгари суриш масалалари кўриб чиқилди.
Энг аввало, энергетика, транспорт ва логистика, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида кооперация учун имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.
Амалий ҳамкорликнинг истиқболли лойиҳаларини ишлаб чиқиш учун мазкур форматдаги мулоқотларни давом эттиришга келишиб олинди.
Ўзбекистон-Туркманистон муносабатлари икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли сўнгги йилларда сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Хусусан, 2017 йил 6 мартда имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома ва 2022 йил 21 октябрда имзоланган Стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларация икки томонлама ҳамкорликнинг мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий асоси сифатида хизмат қилмоқда.
Давлат раҳбарларининг ўзаро расмий ташрифлари ва кўп томонлама форматдаги учрашувлари давомида икки мамлакат алоқаларини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу учрашувлар, шубҳасиз, Марказий Осиё минтақасида узоқ муддатли барқарор шериклик, тинчлик ва яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш ҳамда кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Шунингдек, Туркманистон Ўзбекистоннинг муҳим савдо шерикларидан бири ҳисобланади. 2025 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунига кўра, мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 464 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Ўзбекистонда Туркманистон томони билан 240 та қўшма корхона самарали фаолият олиб бормоқда.
Икки давлатнинг минтақада йирик энергетика лойиҳаларини амалга оширишда ҳам фаол иштироки кузатилмоқда. Шунингдек, транспорт соҳаси муносабатларнинг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Мамлакатларимизнинг ўзаро интеграциялашган автомобиль ва темир йўллари учинчи давлатлар учун транзит вазифасини ўтайди.
Айтиш жоизки, ўзбек ва туркман халқларини бир-бирига боғлаб турадиган тарих, туризм, маданият ва урф-одатлар халқларимизнинг умумий мулкига айланган. Бу яқинлик маданий-гуманитар ва туризм соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаётир.
Яна бир муҳим жиҳат – бу юртимизда туркман тили, маданияти, урф-одатларини асраб-авайлаш ва ривожлантириш учун барча шароит яратилган. Шунингдек, буюк ўзбек шоири ва давлат арбоби Мир Алишер Навоий мероси Туркманистонда юксак қадрланади. Туркман халқининг ардоқли шоири Махтумқули Фироғий ғазаллари эса мамлакатимизда севиб мутолаа қилинади.
Озарбайжон Ўзбекистоннинг яқин дўсти ва вақт синовидан ўтган ишончли стратегик ҳамкоридир. 2022 йилда Стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва кенг қамровли ҳамкорликни ривожлантириш декларацияси ҳамда 2024 йилда Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома каби ҳужжатларнинг имзоланиши билан икки томонлама муносабатлар тарихида мутлақо янги саҳифа очилди.
Мунтазам ташрифлар ва олий даражадаги учрашувлар ҳамкорликнинг барча йўналишларида юқори суръатларни белгилаб, ўзаро алоқаларни ривожлантиришнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлиб хизмат қиляпти.
Савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни кенгайтириш, жаҳон бозорида рақобатбардошликни ошириш, хорижий шериклар билан ишлаб чиқариш кооперациясини чуқурлаштириш, минтақада янги транспорт йўлакларини яратиш, ривожлантириш ва улардан самарали фойдаланиш халқаро ҳамкорликнинг энг муҳим йўналишларидандир.
Транспорт маъмуриятлари даражасида яқин мулоқотлар олиб борилмоқда, савдо-иқтисодий алоқалар, саноат кооперацияси мустаҳкамланмоқда.
Ўзбекистон ва Озарбайжон мос равишда Марказий Осиё ва Жанубий Кавказда йирик иқтисодий салоҳиятга эга давлатлар саналади. Бу уларни иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни чуқурлаштиришга интилаётган иқтисодий жиҳатдан истиқболли шерикларга айлантиради. Шунингдек, Озарбайжон капитали иштирокида савдо, машинасозлик ва металлга ишлов бериш, молия ва суғурта, кўчмас мулк олди-сотдиси, энергетика, хизмат кўрсатиш, заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат саноати, енгил саноат ва бошқа йўналишларда фаолият юритаётган 250 дан ортиқ корхона Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришга муҳим ҳисса қўшмоқда.
Озарбайжонда “UzAuto” автомобиль йиғиш заводининг очилиши саноат кооперациясининг ёрқин мисолларидан бири бўлди. Мазкур лойиҳа Ўзбекистоннинг экспорт имкониятларини кенгайтирди ва Озарбайжонда янги иш ўринлари яратди. Шу билан бирга, агросаноат, тўқимачилик саноати, логистика соҳаларидаги кооперация ҳам муваффақиятли ривожланяпти. Ҳар икки давлат ҳам Транскаспий йўналиши лойиҳалари орқали транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш, шунингдек, транспорт стратегияларини интеграциялашувидан манфаатдор.
Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2024 йил якунига кўра, 250 миллион доллардан ошди. Шу билан бирга, томонлар келгуси йилларда уни бир неча баробар оширишга интилмоқда. Бунга мамлакатлар ўртасида ўрнатилган эркин савдо режими ва жорий йилнинг июнь ойида Бокуда сўнгги йиғилиши бўлиб ўтган ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро қўшма комиссия яқиндан кўмаклашмоқда.
Шунингдек, икки давлат ҳудудидаги энг истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида 2023 йилда устав капитали 500 миллион доллар бўлган Ўзбекистон-Озарбайжон қўшма инвестиция компанияси ташкил этилди.
Мазкур тузилмаларнинг ташкил этилиши расмий Тошкент ва Бокунинг иқтисодий интеграциялашуви ҳамда савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликнинг мавжуд салоҳиятини тўлиқ амалга оширишдан ўзаро манфаатдорлигидан далолат беради. Буни кўплаб тадбирлар – кўргазмалар, бизнес-форумлар, бизнес миссиялар ҳам тасдиқлайди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон 2030 йилдан бошлаб мамлакатда ишлаб чиқарилган ортиқча “яшил” электр энергиясини Озарбойжон орқали Европага экспорт қилишни режалаштиряпти. 2024 йил ноябрида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбойжон Президентлари “Марказий Осиё – Озарбойжон – Европа” яшил энергетика йўлагини яратиш лойиҳасига старт берди. Ўтган йили декабрь ойида уч мамлакат ўртасида лойиҳанинг таъсис шартномаси имзоланди. Лойиҳанинг экологик аҳамиятини алоҳида қайд этиш керак. Узатиладиган энергия – бу шамол ва қуёш энергияси бўлиб, қайта тикланадиган ва тоза манба ҳисобланади ҳамда иқлимга таъсирни юмшатиш имконини беради.
Шу орқали Ўзбекистон ва Озарбайжон Париж битими ва Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида иқлимни муҳофаза қилиш бўйича қўшма саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватламоқда.
Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги маданий-гуманитар, туризм алмашинувларни ривожлантиришда дин, тил, маданият ва анъаналарнинг тарихий муштараклиги муҳим ўрин тутади. Шунингдек, икки давлат ҳудудларида маданият ва адабиёт кунлари, кино ва ижодий ҳафталиклар, гастроль сафарлари, бадиий кўргазмалар мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Озарбайжон билан дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга бугун Ўзбекистонда истиқомат қилаётган озар миллати вакиллари ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда. Уларнинг маданияти ва анъаналарини асраб-авайлаш мақсадида мамлакатимизда Озарбайжон маданият марказлари уюшмаси ташкил этилган.
Мухтасар айтганда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон-Туркманистон-Озарбайжон” форматидаги уч томонлама саммитда иштирок этиши, аввало, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ минтақаларини янада бирлаштириш, уч мамлакат ўртасида кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда икки минтақа халқларининг фаровонлигини оширишга ва биргаликдаги янги ютуқларни қўлга киритишга хизмат қилади.
“Дунё” АА